Меҳр-шафқат учун миллиардлар
Жамоат фондлари нима ишлар билан шуғулланади? Одамларга фойдаси тегаяптими?
“Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди раисининг фикрлари, маълумотларидан бу саволларга аниқроқ жавоб топиш мумкин.
– Ўтган йили фондимизнинг вилоят ваколатхоналари ва туман бўлимлари мурувватга муҳтож оилаларни, шифохоналарда даволанаётган моддий етишмовчиликдан қийналган инсонларни, эҳтиёжманд ногиронлиги бўлганларни дори-дармон, озиқ-овқат, кийим-кечаклар билан таъминлашда, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий манфаатларини муҳофаза қилиш борасида ўзларининг бир қанча тадбирларини амалга оширди, – дейди фонд раиси Асрол Мирзаҳмедов. – Хусусан, Германия, Туркия, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва республиканинг ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида беморларнинг жарроҳлик амалиёти, диагностик даволанишлари ҳамда зарур тиббий жиҳозлар учун 3,3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилди.
Шунингдек, ёшлари улғайган, якка-ёлғиз, қаровчиси ва боқувчиси бўлмаган оилаларни моддий ҳамда дори воситалари, зарур буюмлар билан таъминлаш, бахтсиз ҳодисалардан азият чеккан, уй-жойи яроқсиз ҳолга келиб қолгани шахсларга уй-жойини таъмирлаш учун 370 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам берди.
Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмаги билан фонднинг “Жамиятда соғлом турмуш тарзини ва ижтимоий туризмни тарғиб этиш, аҳоли турмуш сифатини оширишга кўмаклашиш” мавзусидаги ижтимоий лойиҳаси доирасида Хоразм вилоятининг Урганч шаҳри, Урганч ва Қўшкўпир туманларининг 12 та маҳалласида спорт майдончалари ва “Саломатлик мактаби” ташкил этилди. Ушбу спорт майдончаларига керакли инвентарлар ўрнатилиб, барча шарт-шароит яратилди.
Умуман олганда, ўтган йили жамоат фондининг вилоят ваколатхоналари ва ҳудудий муассасаларига мурожаат қилган «Темир дафтар»га киритилган беморларнинг даволаниши, ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлган оилаларга зарурий эҳтиёж буюмлари олиб беришга, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ёрдамга муҳтож оилалар, қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга беғараз ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, Меҳрибонлик уйи, Саховат, Мурувват уйларидаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун 5,5 миллиард сўмдан ортиқ хайрия ишлари амалга оширилди.
Ушбу хайрли ишлар жорий йилда ҳам фонд томонидан давом эттирилмоқда.
Шуҳрат ИСЛОМОВ
