+998(71) 245-34-05

32 МИЛЛИАРД СЎМЛИК ЁРДАМ

02.03.2022

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича чоралар бугун ҳам долзарб бўлиб турибди. Инфекция тарқалишининг олдини олиш борасида ҳукуматимиз томонидан қатор қатъий тадбирлар амалга оширилмоқда. “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фонди ҳам коронавирусга қарши курашиш жараёнларида фаол иштирок этиб келмоқда.

— Жамоат фонди аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, касалликка чалинган беморлар учун малакали шифокорлар маслаҳати ва даволаш ишларини уюштириш, ногиронлиги бўлганларни протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация қилишнинг техник воситалари билан таъминлаш, кам таъминланган оилаларга дори-дармонлар етказиб бериш, оғир хасталикка чалинган беморларни республикамиз ҳамда хориждаги тиббиёт марказларида даволанишларини қўллаб-қувватлашда ҳомийлик ишларни амалга оширди, — дейди фонди раис Асрол Мирзаҳмедов. — Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож беморларнинг аризаларига асосан республика тиббиёт муассасаларида ҳамда Россия, Германия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари клиникаларида беморларнинг жарроҳлик амалиёти ва диагностик даволанишлари, буйрак ва жигар трансплантацияси жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморлар учун дори воситаларини харид қилиш, ёшлари улғайган, якка-ёлғиз, қаровчиси ва боқувчиси бўлмаган оилалар зарур тиббиёт буюмлар билан таъминланди. Ижтимоий фаол бўлмаган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган аёлларнинг болалари кийим-кечаклар билан таъминланди.

 

Шунингдек, республика ихтисослаштирилган гематология илмий-амалий тиббиёт марказида даволанаётган бемор болаларга Янги йил арафасида кўтаринки кайфият улашиш мақсадида байрам совғалари харид қилиш, Ўзбекистон ёшлар иттифоқига қарашли Бўстонлиқ туманидаги соғломлаштириш масканининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ёшларга оид лойиҳаларни амалга ошириш, “Шаффоф хайрия” ягона интерактив порталини ишлаб чиқиш ва ишга тушириш билан боғлиқ хайрия-эҳсон ва ҳомийлик харажатларини амалга оширишга 2021 йилда 32 317 823 471 сўм сарфланди.

«Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да фонднинг вилоят ваколатхоналари ва туман бўлимлари ҳамда ҳудудий муассасалари мурувватга муҳтож оилаларни, шифохоналарда даволанаётган, моддий етишмовчиликдан қийналган кишиларни, эҳтиёжманд ногиронлиги бўлганларни дори-дармон, озиқ-овқат, кийим-кечаклар билан таъминлашда, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий манфаатларини муҳофаза қилиш борасида ўзларининг бир қанча тадбирларини амалга оширди.

Жамоат фонди вилоят ваколатхоналари ҳамда ҳудудий муассасалари Президент қабулхонасига мурожаат қилган «Темир дафтар»га киритилган беморнинг даволаниши, ўзгалар ёрдамига муҳтож бўлган оилаларга зарурий эҳтиёж буюмлари олиб беришга, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ёрдамга муҳтож оилалар, қариялар ва ногиронлиги бор шахсларга беғараз ёрдам кўрсатиш ва уларни ижтимоий муҳофаза қилиш, Меҳрибонлик уйи, Саховат, Мурувват уйларидаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш учун 2,3 миллиард сўмлик хайрия ишлари амалга оширилди.

Жорий йилда ҳам фонди томонидан фуқаролар соғлиғини муҳофаза қилиш, касалликка чалинган беморларнинг даволанишлари ҳамда боқувчисини йўқотган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолияти давом эттирилмоқда.

Шуҳрат ИСЛОМОВ.